Slider

2018 йил 30-31 май кунлари Термиз ва Қарши шаҳарларида Яшил иқлим жамғармаси фаолияти тўғрисидаги хабардорликни оширишга бағишланган ахборот семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТ Атроф муҳит дастурининг “Ўзбекистонни Яшил иқлим жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури” қўшма лойиҳаси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимиятлари, ҳудудий гидрометеорология бошқармалари билан ҳамкорликда миллий давлат ва хусусий ташкилотлар вакиллари учун учрашув ташкил қилди. Унда энергетика, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, банк иши ва бошқа соҳаларда лойиҳавий таклифлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш имконияти тўғрисида гапирилди. Навбатдаги ахборот семинарларида турли соҳалардан 50 га яқин мутахассис иштирок этди.

Мазкур семинарнинг мақсади – Яшил иқлим жамғармаси ва БМТТД лойиҳасининг Ўзбекистондаги фаолиятини чуқурроқ тушуниш, миллий ташкилотлар ва лойиҳа шериклари ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳаракатларни ривожлантиришдан иборат. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳа барча манфаатдор миллий ташкилотларга иқлим ўзгариши соҳасида Яшил иқлим жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, бошқариш ва мониторинг қилиш борасидаги салоҳиятларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Ўзбекистоннинг жанубида жойлашган ва қуруқ иқлимли. Семинар иштирокчилари ўз минтақаларининг иқлимий хусусиятларини эътиборга олиб, қишлоқ, сув, ўрмон салоҳиятини ошириш, шаҳар ва қишлоқларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тизимини шакллантириш, иқлимий ўзгаришлардан эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантиришдаги қатор масалалар ечими ва ҳояларини тақдим этиб, Яшил иқлим жамғармаси маблағларидан фойдаланиш имконига эгалар. Ана шу мақсадларда БМТТД мутахассислари тадбир иштирокчилари диққатини лойиҳа концепциясини яратиш, микро, кичик, ўрта ёки йирик кўламли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини ҳисобга олиб лойиҳавий таклиф ишлаб чиқиш заруриятига қаратдилар. 10 млн. АҚШ долларигача молиялаштириладиган микролойиҳалар ЯИЖда соддалаштирилган тасдиқлаш жараёни бўйича кўриб чиқилиши ва молиялаштирилиши алоҳида таъкидланди. Бу жараён авваламбор, Жамғарма томонидан лойиҳавий таклифларнинг кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини бирмунча тезлаштиришга имкон беради.

Семинар давомида иштирокчилар мамлакатда иқлим ўзгариши жараёнидаги мавжуд муаммолар долзарблиги, уларни ҳал этиш йўллари, Яшил иқлим жамғармаси ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги лойиҳаси ресурс кўмагини олиш ва ундан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳа тўғрисида давлат ва хусусий секторни кенг хабардор қилиш мақсадида тадбир минтақавий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси:

Ўзбекистон, 100029, Тошкент ш., Тарас Шевченко кўчаси 4
Тел.: +998 71 1203450
Электрон почта: registry.uz@undp.org

Лойиҳа офиси:

Ўзбекистон, 100052, Тошкент ш., Осиё кўчаси 72
Тел.: +998 93 5015484
Электрон почта: ulugbek.dedabaev@undp.org

© 2019 - Ўзбекистонни Яшил Иқлим Жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури. Муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояланган.